Сайт тест режимида ишламоқда

Таҳлилий маълумотлар

.

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ СОҲАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАР ХУСУСИДА

Бундан 5-10 йил олдин сизу биз яшаб турган жамиятда энг кўп қайси касб эгалари таҳқирланган, деса ҳеч шубҳасиз, улар ўқитувчилар — зиёли аҳли эди. Бу фикр бир қарашда жуда бўрттирилгандек туюлиши мумкин, бироқ минг афсуски, ҳақиқат ҳам шундай.

Негаки, қадр-қиммати азалдан ота-онага тенглаштирилган, балки ундан ортиқ саналган, барчамизнинг саводимизни пешлаб, ақл-ҳушимизни танитган зиёли аҳлини, устозни кўча супуриб, одамларнинг остонасигача тозалашга мажбур қилинганидан ортиқ таҳқир бормикан?!

Йиллар давомида илм олиб, мақсадию матлаби зиё тарқатиш бўлган муаллимни мактабдан кенг далага, ғалла ва пахта даласига қўпол бўлса ҳам, подадек ҳайдашдан ҳам ортиқ таҳқир борми?!

Мана шундай аччиқ ҳақиқатлар мужассам бўлган яқин ўтмишни ёдга олиб, кечаги ва бугунги ўқитувчининг қадр-қимматини қиёслаб, бу кунларни ҳатто хаёлимизга ҳам сиғдириш мушкул эди. Чунки ўқитувчи бир умр пахта даласида қолиб кетадигандек эди. Кўчани, одамларнинг остонасини ҳар доим ўқитувчи бориб тозалаши керакдек эди.

Яратганга шукрки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, адолатли ислоҳотлари, халқ таълими соҳасига кўрсатаётган чексиз эътибор ва ғамхўрлиги соҳанинг ривожига, шу билан бирга, ўқитувчининг жамиятда, мамлакатда қадр-қиммати, обрў-эътиборининг мустаҳкамланиб боришига хизмат қилмоқда.

Ўқитувчи нафақат қишлоқ хўжалиги ташвишларидан, балки меҳнат фаолиятидаги турли бюрократик тазйиқлар, қоғозбозликлардан халос этилди. Ўқитувчи доимий юритиб бориши учун иш кунининг асосий қисмини сарфлайдиган 7 та ҳужжат қисқартирилиб, 1 та синф журналини юритиш  қолдирилди.

Ойлик маошларнинг ниҳоятда камлиги туфайли оиласи ва рўзғори ташвишини ўйлаб, қанча-қанча илмли, малака ва тажрибали ўқитувчиларимиз ўзининг севимли касбидан воз кечиб кетишга мажбур бўлгани ҳам ҳақиқат. Сўнгги уч-тўрт йил оралиғида ўқитувчиларимизни моддий ва маънавий рағбатлантириш устувор аҳамият касб этаётгани уларни яна шарафли касбига қайтарди.

Педагогларимизнинг ойлик маошлари 2016-2021 йиллар оралиғида қарийб уч баробарга ошди. Яъни, 2016 йилда мактабнинг олий тоифали юқори синф ўқитувчисининг ойлик маоши 1 миллион 87 минг сўмни ташкил қилган бўлса, бугун олий тоифали ўқитувчининг ойлик маошининг ўзи, қўшимча устама ва бошқа тўловларсиз қарийб 3 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Ўқитувчининг оиласидан, рўзғоридан кўнгли хотиржам бўлиб, фаолиятига ижодкорона ёндашишига, изланишига имкон яратилди.

Кейинги йилларда ўз шарафли касбининг фидойиси бўлган, кўп йиллик малака ва тажрибага эга педагог ходимларнинг юксак давлат мукофотлари билан тақдирнаётгани ҳам эътиборга молик.

Сўнгги 5 йилда Самарқанддан 40 нафарга яқин мактаб ўқитувчиларимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси”,  “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”,  “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”,   “Фидокорона хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати”  ва “Шуҳрат” медали каби давлат мукофотларига сазовор бўлишди. Биргина 2020 йилда яна 9 нафар ўқитувчиларимиз ана шундай эътирофга сазовор бўлганлиги қувонарлидир.

Ўтган ўттиз йил оралиғида юртимиз аҳолиси бир неча баробар ошганига қарамасдан сўнгги 20-25 йилда Самарқандда бирорта ҳам янги мактаб қурилмагани қамровнинг йилдан-йилга ортиб кетишига олиб келган. Битта синфхонадаги ўқувчиларнинг сони 40-45 нафаргача етгани таълим сифатига салбий таъсир ўтказмасдан қолмади. Кейинги йилларда давлат бюджетидан мактабларимизнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кенг кўламли бунёдкорлик ишларини олиб бориш бўйича эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина ўтган йилдан бутун дунёда ҳукм сурган пандемия шароитида ҳам, қанчалик оғир бўлмасин, мактаб қурилиши ва реконструкция ишларига миллиардлаб маблағлар сафарбар этилди. Жумладан, 2020 йилда Самарқанд вилоятида 53 та умумтаълим мактабларда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Эътиборга молик жиҳати, Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида вилоятда ўқувчи ўрнининг кўплиги бўйича ягона бўлган 1680 ўринли, уч минг нафардан ортиқ ўқувчини ўз бағрига қамраб олиш қувватига эга замонавий мактаб барпо этилди. Ушбу ҳудудда аҳолининг ортиб боришини инобатга олиб, келгусида яна шундай мактаблар қуриш кўзда тутилган.

2021 йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Бугунги кунда инвестиция, “Обод қишлоқ” давлат дастурлари ҳамда Президентимизнинг Самарқандга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида Самарқанд вилоятида жами 97 та мактабларда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 2 та янги мактаб қурилаётгани таҳсинга сазовор.

Халқ таълими соҳасини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланган бугунги кунда унинг сифати ва мазмуни такомиллаштирилиб борилмоқда.

 Айрим фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактаблар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Эътибор қаратадиган бўлсак, 2018/2019 ўқув йилида вилоятимизда ихтисослашган мактаблар сони 18 тани, 2019/2020 ўқув йилида 24 тани ташкил қилган.

Жорий йилга келиб уларнинг сони 60 тага етди. Бу, ўз навбатида, мактабларда математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари, биология ва кимё ҳамда хорижий тилларни пухта ўқитишни ташкил этишга доир қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларининг изчил ижроси таъминланаётганидан далолатдир.

 Халқ таълими соҳасидаги яна бир муҳим ислоҳотлардан бири иқтидорли, билими ва одоб-ахлоқи билан тенгдошларига намуна бўлган битирувчиларга олтин ва кумуш медаллари топширилишининг жорий этилганлиги бўлди.

Ўғил-қизларимизнинг орзу-умидларига қанот бағишловчи бундай ташаббус ўқувчилар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириб, интеллектуал салоҳиятли кадрлар тайёрлаш тизимида муҳим қадамлардан бири бўлди. Буни Самарқанд вилояти мактабларини олтин ва кумуш медаллар билан битираётган ўқувчилар сонининг йилдан-йилга ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.

Яъни, 2018/2019 ўқув йилида 141 нафар, 2019/2020 ўқув йилида 415 нафар битирувчимиз олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган бўлса, якунига етаётган 2020/2021 ўқув йилида уларнинг сони 645 нафарга (74 дона кумуш, 571 дона олтин) етди. Ушбу рақамлар олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган ўқувчиларимиз сафи уч йилда қарийб 5 баробарга ортганини кўрсатмоқда.

Хорижий ва республикамиздаги нуфузли олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиш бўйича ташкил қилинаётган танловлар натижасида мактаб битирувчиларимизнинг орасида муддатидан олдин талаба бўлган ўқувчиларимиз сони ҳам ортаётгани қувонарлидир. 2019/2020 ўқув йилида бу кўрсаткич 23 нафарни ташкил қилган бўлса, жорий ўқув йилида 148 нафар битирувчимиз мамлакатимиз ҳамда жаҳоннинг энг нуфузли ОТМнинг талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди.

 Ислоҳотларнинг маҳсули — соҳадаги эришилаётган юксак натижалар ҳақида кўп гапиришимиз мумкин. Аммо бу тизимнинг муаммолардан холи бўлди, дегани эмас. Халқ таълими соҳасини янада ривожлантиришда нафақат ўқитувчининг ва таълим ташкилотларининг зиммасида бўлган, балки бутун халқ, жамият зиммасида бўлган вазифаларимиз жуда кўп. Тизимда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ота-оналар ҳамда зиёлиларимизнинг масъулиятини, дахлдорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни бирдамликда, ҳамфикрликда ҳал этишга камарбаста бўлишимиз лозим. Зеро, таълимнинг равнақ топиши бахтли келажагимиз, она Ватанимиз тараққиётининг кафолатидир.

kor_kxtv@xtv.uz
@QRmshmb
@kkeduuz
/qrmshbm