Янгиликлар
“ҒАМХЎР ҚАЛБЛАР: ТЕНГЛИК ВА БИРДАМЛИК ЙЎЛИ” МАВЗУСИДА МАСТЕР-КЛАСС ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
1 апрель 2024 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2023 йил 18 декабрь куни тасдиқланган “Умумий ўрта ва таълим муассасаларида “Омбудсман соати” лойиҳаси доирасида ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини оширишга қаратилган” чора-тадбирлар режасининг 3-банди ижросини таъминлаш юзасидан Тахиатош тумани 1-сонли умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари ўртасида “Ғамхўр қалблар: тенглик ва бирдамлик йўли” мавзусида мастер-класс тарзида навбатдаги тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Ж.Шлымбетов ҳамда Тахиатош тумани Мактабгача ва мактаб таълим бўлими бошлиғи Ш.Таджимуратов, 1-сонли мактаб директори Р.Атаджанов иштирок этди.
Тадбир давомида минтақавий вакил томонидан бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлашда фаолият юритаётган миллий институтлар, шу жумладан, Омбудсманнинг вазифаси, амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари билан ҳамкорликда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқларига оид видеоролик намойиш этилди.