Янгиликлар
Вазирлик “Гендер тенглик фаоли” миллий кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида номинация ғолиби бўлди
20 ноябрь 2023 йил
Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ давлат университетида “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” миллий кўрик-танловларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ғолиб бўлган фаол иштирокчиларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ахмедова Республикада давлатимиз раҳбари томонидан оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг мазмун-моҳияти, самарали натижалари борасида фикр ва мулоҳазалар билдирдилар.
Танловнинг моҳияти ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сиёсатни шакллантириш, фаолиятга гендер ёндашувларни жорий этиш, гендер тенгликка эришиш масалаларига жамоатчилик эътиборини кенг жалб қилиш, турли тузилмалар фаолиятига гендер тенгликни сингдириш, илғор тажрибаларни аниқлаш ва умумлаштириш ҳамда уларни кенг тарғиб қилиш орқали жамиятда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат.
Мазкур танлов натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий давлат ташкилоти” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди ва тақдирланди.