Сайт тест режимида ишламоқда

Янгиликлар

.

Мактабларда рақамли таълимни ривожлантириш хусусида

29 март 2023 йил
image

         Ҳозирги кунда, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги умумтаълим муассасаларида таълимни рақамлаштириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада асосий эътибор умумтаълим муассасаларида юқори тезликдаги Интернет хизматидан фойдаланишни йўлга қўйиш ва АКТ инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилмоқда. Хусусан, тасарруфимиздаги жами 721 та мактаблар юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланган бўлиб, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари хоналари ва информатика синфларидаги компьютерлар локал тармоқлар орқали Интернетга уланган, ўқитувчилар хоналарида эса Wi-Fi зоналар ташкил қилиб берилган. Мактабларимизда босқичма-босқич қўшимча Wi-Fi зоналар яратилаётган бўлиб, биринчи босқичда 162 та мактабларимизда бу борадаги ишлар амалга оширилди. Барча мактабларимизга Интернет тармоғи ҳолатини ва тезлигини назорат қилиб турадиган “микротик” қурилмалари ўрнатилди. Мактабларимизда “Электрон кундалик” автоматлаштирилган ахборот тизими, YaET-ERP бошқарув тизими ва E-Huquqshunos электрон хужжат алмашинув тизимлари жорий этилган бўлиб, туман(шаҳар) ҳудудий бўлимлардаги таълимни рақамлаштириш шўъбалари ходимлари томонидан ушбу тизимларнинг доимий ишчи ҳолати таъминланиб келинмоқда ва уларнинг кундалик ишлари вазирликнинг таълимни рақамлаштириш бўлими томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.

          Мактабларда компьютер таъминоти бўйича, 2022 йил давомида, дастлаб, Кореянинг Эксимбанки грантлари асосида 75 та мактабларимизга 1 236 та, кейинчалик эса, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 ноябрдаги 716-қарори асосида жами 141 та мактабларимизга 1 901 та замонавий компьютерлар етказиб берилди. Ҳозирги кунда, ушбу компьютерлар, информатика синф хоналарига белгиланган тартибда ўрнатилиб, локал тармоқ орқали Интернет тармоғига уланган ва керакли иловалар, контентлар ўрнатилган ҳолда ўқитувчи ва ўқувчи ёшларимиз томонидан самарали фойдаланиб келинмоқда. Мактабларимиздаги маънан эскирган компьютерларни 2023 ва 2024 йиллар давомида замонавийсига алмаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан алоҳида режа тузилди.

       Ҳозирги кунда, мактабларимизда, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Smartland таьлим платформаси ҳамда kitob.uz, edukids, maktab.uz, educare.uzedu.uz, idea.uzedu.uz, VR-360 саёхат ва artshop.uzedu.uz ҳамда YouTube платформасидаги “Миллий таълим ресурслари” каби махсус Интернет ресурслари жорий қилинган бўлиб, улардан ўқитувчи ва ўқувчиларимиз самарали фойдаланиб келишмоқда.

        Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Рақамлаштириш Бошқармаси бошчилигида таълимни рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган барча ишларимиз таълим сифатини янада оширишга қаратилган бўлиб, эндиги мақсадимиз, мактаблардаги STEAM синфларининг керакли АКТ қурилмалари билан жиҳозланганлик даражасини оширишга, Wi-Fi зоналарни янада кенгайтиришга ва шулар орқали дарс жараёнларида миллий электрон платформалардан ва контентлардан кенг фойдаланган ҳолда ўқувчиларимиз учун дарсларнинг янада қизиқарли ўтишига эришишдир.

 

kor_kxtv@xtv.uz
@QRmshmb
@kkeduuz
/qrmshbm